РАҒБАТНИНГ ТИЛ ЎРГАНИШДАГИ ЎРНИ

РАҒБАТНИНГ ТИЛ ЎРГАНИШДАГИ ЎРНИ

Дунёда қобилиятсиз инсон булмайди. Шундай экан ҳали шаклланиб бораётган ёш авлоднинг ҳам қобилиятларини эрта пайкаш ва уларни кашф этиш баробарида шакллантириш, куллаб-кувватлаш хамда рағбатлантириш бевосита ва купинча укитувчи зиммасида колади. Шунинг учун хам хорижий тиллардан бирини урганаётган бола рухиятига укитувчи ижобий ва салбий таъсир курсата олади. Аввало, боланинг кизикиши тилни тез ва равон урганиб олишида асос булса, унинг оилавий мухити хам бунда мухим. Уларни рагбатлантириш, тилга кизикиш уйготиш хамда хурмат асносида фанни тушуниш самарадорлигини англатиш укитувчининг масъулиятидир. Ахир, укитувчида касбий билим, куникма ва малакалар тизими, уларнинг баркарорлиги, шаклланган иш услублари мавжуд эмаслигига асосланиб, уларни жиддий текшириб, курмасдан туриб, шошилинч тарзда унда кобилиятлар йук деган хулоса чикариш укитувчининг купол психологик нуксони хисобланади. Бундай психологик нуксон эса кобилияти бор болаларнинг хали шаклланиши мумкин булган кизикишларини рагбатлантирмасликка сабаб булиши айни хакикат.

Бола билан дустона муносабат урнатиш. Бу борадаги ишлар купинча фойдали тус олади хамда демократик тарбия яъни ота-онанинг бола билан дустона муносабатда булиши фойдали ва самаралидир, бирок болалар беш кул сингари баробар эмас. Уз олами, кобигига уралиб олган болалар хам бор. Уларга мехрингиз, эътиборингиз акс таъсир курсатиши мумкинки, бола сиздаги узгаришни рахм-шафкат дея тушунади ва хазм килолмайди. Хеч кайси бола бола эканлигини тан олмайди. Улар узларини катта шахс сингари, катталардек фикр юритаётгандек тутишади. Боланинг тил урганишида унинг бор диккат-эътиборини фанга каратиши учун кизикишларни уйгота билиш керак. Диккатнинг объектга тупланиши, мустахкамланиши одамнинг кизикишларига боглик. Хатто ихтиёрсиз диккатнинг фаолиятда мужассамлашишида кишининг иштиёки ва кизикиши катта ахамиятга эга. Шунинг учун хам диккатни жамлашда, тил урганишда рагбатлантиришнинг турфа йуллари турлича таъсир курсатиши аникланган.

Киёсий рагбат-укувчиларнинг хар томонлама фаолликларини хисоблаб, узга синфдошларига таккослаб бахолаш ва рагбатлаш. Буни купчилик бола камситилиш деб кабул килишини хисобламаганда бахолашнинг энг макбул йулидир. Бирок, шу уринда таъкидлаш лозимки, агарда болани синфдошлари билан эмас, факатгина уз имконият ва кобилиятларига асосланиб бахоланса, бу яхши натижа беради. Тилга булган кизикиш хар бир болада бир хил шаклланмаганлиги сабабли хам, уларнинг иктидори бир хил булмайди. Кимдадир сузлаш, яна кимдадир укиш ва ёзиш модуллари юкорирок шакл топган булиши мумкин ва хоказо.

Фаол болалар кетма-кетлиги бурчагини тузиш. Соглом ракобатни ташкил этиш, хафта, ой, чораклик давомидаги барча укувчиларнинг бахолари, интилишлари хамда фаолликларини хисобга олган холда рагбатлантириш. Бунда боланинг гурухда ва индивидуал ишлаш жараёнида узини тутиши ва укиш-фикрлаш ва тушуниш кетма-кетлигини, болаларни тинглашга ургатиш асносида хурмат тушунчаларини шакллантириш. Бу кетма-кетликка кирган болаларда купрок имкониятлар яратиб бериш оркали рагбатнинг таъсирини синаб куриш мумкин. Бунда таъсир доираси устозсиз болаларнинг сухбатларида ишонарли мухокама килинади ва уларда болаларча кизикиш пайдо булади.

Мактов ва мактамаслик рагбати. Канча эриш туюлишига карамай болаларнинг баъзиларига мактов, баъзиларига эса мактамаслик яхши ва самарали таъсир курсатади. Мактаган сари укишни чекловчи, ута билимли эканига ишониб колувчи болалар катори, аллакачон иродаси шаклланган, ракобатда енгилишдан янги галабалар сари интилувчи болалар хам борлиги бундай рагбатнинг фойдали тус олиши сабабкоридир.

Бу каби рагбатларнинг узига хос жихати шундаки, ортикча вакт талаб килмайди хамда бир вактнинг узида кундалик назорат асосида бахолаб, рагбатлаб борилаверади. Бола узи билмаган холда хар дарсга тайёр булишга урина бошлайди. Дарсга дарс сифатида эмас, балки у учун янгилик берадиган, ракобат майдонига бораётгандек тайёрланади. Юкорида таъкидланганидек, укитувчи бола рухиятига ижобий ва салбий курсата олади. Рагбатлардан тулаконли ва окилона фойдалана олган укитувчи дарс давомида болаларнинг диккатини фанга, тил урганишга каратади ва уша жараёнда утилган махоратли дарс ва бахолаш, рагбатлаш асосида шу дарснинг узида кейинги дарсга булган бола кизикишини уйгота олади. Маълумки биргина рагбат билан боланинг диккатини муким тутиб колиб булмайди. Шунинг учун хам дарс вактини янгиликларга бой, хам психологик, хам услубий жихатдан кизик утказиш диккатни тутиб туришда анча ахамиятга моликдир. Зеро, укитувчининг вактдан унумли ва мохирона фойдаланиши, хар бир дарс мавзусига мутаносиблиги, табиийликка максимал даражада якин булган шароит хамда вазиятларни хосил килишдаги устомонлиги боланинг хайратига сабаб булади ва диккат-эътиборини айни фанга, тилни чукур урганишга карата бошлайди.

  1. И. А. Каримов. «Юксак маънавият-енгилмас куч», Тошкент: «Маънавият». 2008
  2. Гозиев. «Психология», Тошкент: «Укитувчи». 2008

Унутинг Сиз ҳам!

Ўйловлар пинжида қолган хотира,

Шаффоф бу кўнглимни этмоқда хира,

Менга бўйсунмайди бир истак сира,

Унутай, унутсин мени улар ҳам!

Чопиб бораяпти бебошгина кун,

Оромсиз уйқудан бедоргина тун,

Сизга боғлаяпти ҳисларим бутун,

Лек унутай буткул, унутинг Сиз ҳам!

Яқиним.

Гуноҳларим санасам саноғи йўқдир,

Улар менга аталган ёшли ўқдир,

Кечиргин, кечир мени ўтинаман,

Аллоҳим, бу дунёнгдан кўнглим тўқдир

Балки, тавбаларим қилгайсан қабул,

Гунохлар бир қафас, юрак-булбул,

Сўрганим фақат шу яратган эгам,

Гуноҳларимдан ўт, кўрсанг гар мақбул!

Ёмонлардан яшиндим қилдинг огоҳ,

Бир ўзингдан ўтиндим излаб паноҳ,

Бир яқиним ўзингсан бу дунёда

Ҳар қадамда менинг-ла бўлган ҳамроҳ.

Сиз шунчаки мендан воз кечолмайсиз!

Сиз-ку юрак қулфларим очолмайсиз,

Мухаббатнинг шарбатин ичолмайсиз,

Сизсиз бўлмас қалбда бахт, ишонмайсиз,

Сиз шунчаки мендан воз кечолмайсиз!

Севган юрак умиди сўнмас экан,

Бир онлик айрилиққа кўнмас экан,

Қайсар экан кўнгли бу ошиқларнинг

Ёрни дейишдан ҳечам тинмас экан.

Ишқидан ҳеч кимса айрилмасин,

Кўзларининг ёшига тайрилмасин,

Севги йўлдир охири йўқ, адоқсиз,

Равон бўлсин йўллари, қайрилмасин.

Афсус, дўстга гапларим малол.

Истамадим асли ёмонлик,

Йўлларимда эса нодонлик,

Аллоҳ берсин бахтини ҳар он

Дўстга сўзим келмаси малол.

Яхши эмас қилётган ишинг,

Яқин эмас энг ёндош кишинг,

Аввал ўйла эски танишинг

Дўстмидир у — ўйлатар савол.

Балки, ўзим қиляпман хато,

Тушунишни этмаган ато,

Айтганларим рост -у бехато

Афсус, дўстга гапларим малол.

НОМСИЗ ШЕЪР

Йўллар бисёр юрмоқлик қийин,

Танлаб олгин манзилинг тайин,

Қўрқув бордир, менда йўқ ишонч,

Аммо ғамда акс этган қувонч.

Сезилмоқда соғинч, дард, алам

Эзилар дил, нотинчдир қалам,

Кўзларингга кўнглим айтолмам,

Ёлғизликдан энди қайтолмам.

Дунёларга сиғмади қалбим,

Нима экан билмайман айбим,

Тўғри йўлни кўрсатгин, раббим,

Икки юзни хоҳламас таьбим.

Бир кун.

Менда бахт бор бўлсада бироз

Юракда ғам қилинар эъзоз,

Орзуларим этмоқда парвоз,

Рўёбига етаман бир кун.

Алдайверса алдаган сари,

Ишонч кетса қалбимдан нари,

Тўкилса ҳам қалбимдан зари,

Ростнинг қўлин тутаман бир кун.

Менинг қалбим қуёш порлар тун,

Нурларида ғамлар бус бутун,

Гумбазига гумонлар устун,

Ишонч келар, кутаман, бир кун.

Дўстим

Дўстим кетган, эҳ, ёв томон.

Туйғуларни қилиб вайрон,

Омад тилар унга ҳар он

Дўсти йироқ… Юрак ҳайрон!

Балки ғамни яксон қилар,

Балки бахтнинг сирин билар,

Имкон топса ҳамроҳ бўлар,

Дўстим йироқ, юрак ҳайрон!

Сўзларимни қийин айтиш,

Осон эмас унга қайтиш,

Менга дўстсиз ҳаёт ташвиш,

Дўсти йироқ юрак ҳайрон!

Чет тилларни ўрганишда барқарор бирикмаларнинг ўрни

“Фразеология” атамаси жаҳон филологиясида пайдо бўлганига қарийб беш аср бўлсада, уни ўрганиш, илмий тадқиқот ишлари ҳали ҳамон давом этмоқда. Баъзи бир олимлар асосан фразеологизмларни сўзларнинг эквиваленти ҳисоблаганликлари ва лексикологияни, тилнинг луғат таркибини ёки сўзларни ҳамда уларнинг эквивалентларини ўрганадиган лингвистик фан сифатида қараганликлари сабабли фразеологик бирикмаларни тилнинг луғат таркибига қўшиб, фразеологияни эса лексикология таркибига киритадилар.

Ш. Раҳматуллаев ҳам шу фикрга қўшилиб: “Луғат бойлиги сўзлардан ва шу сўзлар асосида тузилган иборалардан ташкил топади. Сўз луғат бойлиги сифатида лексик бирлик деб, ибора эса фразеологик бирикма деб аталади. Булар умумлаштирилиб, луғавий бирлик деб юритилади”, деб фикр юритса, йирик лексиколог олимлардан бири И. В. Арнольд “Сўзларга ўхшаб нутқда қайтадан тузилмасдан унга тайёр ҳолатда киритиладиган турғун бирикмалар сўзларнинг эквиваленти деб тушунилади”, деб ёзади.

Сухбатнинг беқиёс даражада таъсирчан, гўзал ва яна жонли бўлишида фразеологик (барқарор) бирикмаларнинг ўрнини алоҳида таъкидлаш жоиз. Инглиз тилидаги фразеологик бирликлар ҳам бундан мустасно эмас. Бу тилдаги турғун бирликларни ўрганишда, албатта, уларнинг маъно-мазмунини тўла англамоқ керак. Уларнинг таржималарини тўла тушуниш, фразавий бирликлардан ўз ўрнида фойдаланиш мукаммал ва жонли суҳбатни ташкил этади. Инглиз турғун бирикмаларининг ўз тарихи, мазмуни, келиб чиқиши ва лисоний боғликлиги бор. Уларнинг тарихига назар солсак, кўп қизиқ маълумотларга дуч келамиз. Антик дунёнинг бугунги инглиз барқарор бирикмаларида алоҳида ўрни бор. Антик дунё миф-асотирлари, эртак-ривоятларидаги машҳур иборалар ҳам инглиз тилининг адабий ривожида муҳим. «Achilles’ heel» (The heel of Achilles)- Ахилнинг товони (Ҳомер «Илиада»), «A labour of Hercules» (Herculean labour)-Геркулеснинг машаққати каби фразеологик бирликларнинг тарихи Геркулес, Ахил сингари афсонавий қаҳрамонларга бориб тақалади. Биламизки, Ахилнинг товони-энг нозик аъзоси эди, Геркулес эса чинакам ботир, у кўкни тутиб тургани ҳақидаги асотирлар мавжуд. «Homer sometimes nods» барқарор бирикмаси рус тилидаги «Каждый может ошибаться», узбек тилидаги «Хар ким хам адашади», «Беайб парвардигор» каби муқобил вариантларга мос келади.

Этимологик жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, бир қатор инглиз фразавий бирликлари бошқа тиллардан ўзлашган, таржималари тилда барқарорлашганига гувох бўламиз. Француз тилидан ўгирилган “All roads lead to Rome” бирикмаси аслан “Tous les chemins vont a Rome” иборасидан келиб чиққан. У ҳеч бир ўзгаришсиз, тўлақонли таржимадир. (Барча йўллар Римга элтади) ва ёки “Appetite comes with eating” иборасини олсак, у “L’apetit vient en magneant” иборасининг инглизча вариантидир. “Рим бир кунда барпо бўлмаган” ибораси лотин, француз, инглиз тилида “Neque protinus uno est condita Roma die”, “Rome ne fut pas faite tout en un jour” ҳамда “Rome wasn’t built in a day” каби ўхшаш, руслар эса уни “Не сразу Москва строилась” каби ўзлаштирган. Яна бир инглизча мақолда эса ҳар бир қуш ўз уясини суйса “Every bird likes its own nest”, французчада ҳар бир қушнинг ўз уйи қулай, созлиги “A chaque oiseau son nid est beau”, русларда ҳамма лойхўрак ўз ботқоғини мақташи “Всяк кулик свое болото хвалит” таъкидланади ва булар фразеологик луғатларда муқобил сифатида танланган.

Инглиз тили билан бир оилага мансуб олмон тилидан ҳам инглиз тилига кириб келган бир қатор фразавий бирикмалар борки, улар ҳозирда кўп фойдаланилади, кундалик ибораларга айланиб улгурган. “Blood and iron” иборасига немисча “Blut und Eisen” ибораси асос бўлиб, Бисмаркнинг сиёсий принципидир. Ҳозирда бу сингари иборалар кўпчиликни ташкил этади. Томас Карлейлда биринчи бор учрайдиган “Speech is silvern, Silence is golden” ибораси тагзамирида ҳам “Sprechen ist silbern, Schweigen ist golden” немис ибораси ётади. Олмон иборалари асосида инглиз тилида барқарорлашган “Von etwas Wind bekommen” – “Get wind of something”, “Die Katze aus dem Sacklassen”- “Let the cat out of the bag” ёки “Let the cat out” каби иборалар бугунда таъсирчан нутқни ҳосил қилиб, адабий-бадиий, сўзлашув тилини бойитиб келмоқда.

Испан тилидан ҳам бир қатор иборалар инглиз тилида ўзлашган бўлиб, уларнинг энг кўп тарқалгани “Sangre azul” асосида шаклланган “Blue blood” иборасидир. Ҳинд-европа оиласига мансуб тилларнинг кўпчилигида иборалар ўхшаш:

“Легкий как перышко” рус тилида, «Light as a feather» инглизчада, “Leger comme une plume” французчада, “Leicht wie eine Feder” эса немис тилида мавжуд бўлиб, сўзларнинг ўхшашлигини яққол сезиш мумкин.

Инглиз тилида барқарорлашган баъзи иборалар кузатувлар асосида вужудга келган. Биргина туяқушга боғлиқ “Hide one’s head in the sand” ҳамда “An ostrich policy” сингари иборалар шулар жумласидандир. Инглиз фразеологиясида “Шекспризм” атамаси мавжудлигининг боиси эса Уильям Шекспир асарларида илк бора қўлланилиб, кейинчалик ўзгармас ҳолга айланган иборалардир. “Макбет”даги “The be-all and end all”, “Отелло”даги “The green-eyed monster” ва бошқалар.

Хулоса ўрнида шуни таъкид этиш мумкинки, тарихи ҳам ўзи сингари қизиқ инглиз иборалари ҳали узоқ йиллар инглиз суҳбатларини жонли, таъсирчан этишда давом этиб келмокда. Шундай экан, инглиз фразеологик бирикмаларини ўрганиш инглиз тили ривожида асос бўлиши табиий. Хар бир тил урганувчи шахс урганаётган тилнинг фразеологик бирикмаларини урганиши шарт. Бунда тилнинг таъсирчанлиги кучаяди.Баркарор бирикмалар бадиий адабиётда ва таржимада мухим урин тутади. Бугунги кундаги глобал муаммолардан булган бадиий таржимани урганиш масалалари шубхасиз долзарбдир. Шунинг учун хам баркарор бирикмаларни тилнинг сайкали десак булади.

Фойдаланилган адабиётлар:

1.Ж. Шарипов. Бадиий таржиманинг актуал масалалари. Тошкент: “Фан”, 1977

2.А. В. Кунин. Фразеология современного английского языка. Москва: “Международный отношения”, 1972.

Мен кетарман.

Орзуимда узоқ манзил бор,

Умидларим гўзал, беғубор,

Мақсадимга тушсада ғубор,

Мен кетарман, лек сен яхши қол!

Бўлди етар сен қолгин ўзинг,

Ёлғонку ҳар бир айтган сўзинг.

Изламасин меҳрли кўзинг,

Мен кетарман, лек сен яхши қол!

Бўлсанг шундай қилолмам тоқат,

Унутарман… Бир куни албат.

Кетгандан сўнг эслама фақат,

Мен кетарман, лек сен яхши қол!

Aлдайди.

Ёлғонлар ишончли, ростлар алдайди,

Душманларга қиёс дўстлар алдайди,

Кўзларку алдовни ўрганиб олган,

Иложсиз нигоҳлар, сўзлар алдайди.

Йўлаклари илҳақ, йўллар алдайди,

Тўрт ён ёлғончи, ўнг сўллар алдайди,

Бахтлардан умидвор яшади Ҳаёт,

Улардан алданган диллар алдайди.

Кулгулар бенишон, у ним алдайди,

Шовқиннинг қатида бир жим алдайди,

У алдар, Сену Мен, Бизлар баримиз

Алдаймиз… Дунёда ҳар ким алдайди.

Асли ҳаёт ўзи ташвишли озор,

Ёз фаслида гоҳи ёғар экан қор.

Шунча дарди бирла гўзал, бетакрор.

Сен шукрона учун чин сабоқ, ҳаёт!

Орзулар тизилган мисоли киприк,

Дарёдан ўтолмас умид, йўқ кўприк.

Бу соҳилда ишонч сўнган… У ўлик,

Не бўлса ҳам мендан совума, Ҳаёт!

Беролмадим тунлар бахтга болишим,

Энди нечун керак ўздан нолишим,

Ўйламайман асло сенда қолишим,

Кетяпман… Сен аммо бўл ҳамроҳ, Ҳаёт!

Эгаллади буткул онгимни хаёл,

Бу ўйлар ақлимга келмоқда малол.

Бир кун хаёлларим топса гар камол,

Мендан хурсанд бўлгин, мафтункор Ҳаёт!

ОИЛА-МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАРБИЯ МАСКАНИ

Башарият тарихи мобайнида инсон зоти топган ягона юксаклик-маънавиятли ва маърифатли бўлишдир. Она алласи, ота ўгитидан қон-қонимизга сингган маънавият, чинакам маърифат умр бўйи ҳамроҳимиз бўларкан, биз саодат топамиз. Зеро, маънавият муҳтарам юртбошимиз таъбири билан айтганда: «Инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, имон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир». Шундан англаш мумкинки, бизга қўйилган маънавиятли бўлиш талаби эртанги порлоқ келажагимиз асосидир. Маънан етук шахс маърифатли бўлиш учун доимий ҳаракатда бўлади. Маърифат- кишиларнинг онгини, билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия. У табиат, жамият ва инсон моҳияти ҳақидаги турли билимлар, маълумотлар мажмуасини ҳам билдиради. Маърифат ҳамда маънавият инсон борлиғида сайқал топаркан, унинг ташқи маънавий таҳдидларга нисбатан иммунитети шаклланади. Бола тарбиясида оиланинг, муҳитнинг роли нақадар беқиёс эканлигини сизу биз яхши биламиз, шунинг учун ҳам ота-боболаримизнинг муносиб давомчилари сифатида маънавий-маърифий тарбияга кенг аҳамият қаратмоғимиз зарур. Аслини олганда, маърифат йўли кенг ва бепоён бўлиб, бу йўлда фил ҳам, ўргумчак ҳам ҳамроҳдир. Бу йўлда ҳар ким қурби етганича ўз камолини ва ҳасби-ҳолини топади. Бу водийда парвоз қилгувчилар турли соҳаларда камолотга эришадилар.

Савия ва билим юксалиб бораётган ҳамда маънавий қолоқлик, «оммавий маданият» инсоният тараққиётига раҳна солаётган шу замонда боланинг илк бора муқаддас деб аталган оилада маънавият ва маърифат тушунчаларини англаши эртанги нурли келажагида тамал тоши бўлиши табиий. Оила катталарининг бола кўнглига йўл топа олиши, уларни маърифат ва маънавиятга ошнолик руҳида тарбиялай олишида демократик тарбиянинг ўрни аҳамиятгга молик. Оила тарбиясида демократик ёндашув катталарнинг кичиклар билан илиқ, дўстона муносабат ўрнатишга интилиши, кичикларнинг мустақил ташаббуслари, имкон қадар қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиши тарзида намоён бўлади. Синовдан ўтган сифат деганларидек, биз мақсад қилган баркамол авлодни вояга етказишда китобнинг, халқимиз қадриятларининг, шарқона одоб-ахлоқ нормалари ҳамда оила муносабатларининг ролини алоҳида таъкидлаб ўтмоқлик жоиз. Болалик йилларимизда эшитган ёки кўрган воқеалар ёдимизда қанчалик муҳрланиб, ширин хотирага айланишини ҳисобга оладиган бўлсак, биз эшитган-оналаримиз айтган аллаю эртаклар, бувиларимизнинг биз қаҳрамонларига ҳавас қилган ривоят ва эртаклари умримиз давомида ҳали-ҳануз ҳамроҳимиз. Бироқ, бугунги ёш авлод бизнинг ёшга етганда болалик дамларин хотирлаб, фақатгина компьютер ўйинлари, мултипликацион филмьларни кўз олдига келтиришадими деб ўйлаб қоламан. Маънавиятли ва маърифатли бола тарбия қилишнинг залворли юки зиммамизда эканига қарамай, бола тарбиясига беэътибор қараш холлари ҳам учраётганлиги кўз юмиб бўлмайдиган ҳақикат. Яна ҳақикат шундаки, йиллар давомида сайқал топиб куйлаб келинаётган «Алпомиш» достонидаги Ҳакимбекнинг элнинг алпи дея эътироф этилганию куч-қудрат, маҳоратда комил бўлиб улғайганига қарамасдан қалмоқ элига кетиш олдида:

«Ота, бир сўзим бор маълум қилайин,

Жавоб беринг қалмоқ элга борайин…» деб отасига айтган гапиданоқ унинг тарбияси қанчалик мукаммал эканини айтса бўлур эди. Ахир Алпомиш савобли иш, ори-номуси учун кетмоқни истаётган эди. Агарда у отасидан сўрамай кетганда ҳам кўнглидаги эзгу амалларни бажариш олдидаги жасорат сифатида қабул қилиш мумкин эди. Лекин, бугунги ёшлар (беш қўл баробар эмас) жавоб сўраш нари турсин, кеч келганда шу пайтгача бўлган жойини сир тутиши ва ёки алдашига нима дейсиз. Бола тушунмайди, у фақатгина ўрнак олади. Шундай экан, руҳиятига ижобий таъсир ўтказа оладиган кишилар давраси, ҳар қандай олди-қочди «эртак»лар эмас, балки намуна бўлишга арзийдиган, ўрнак олса, кўнгил тўладиган қаҳрамонлари бор эртакларни эшитиш имконияти болада мавжуд экан, унинг глобаллашув замонида, шиддаткор вақтда уйғоқ фикр-мулоҳазаси, фаол онги-тафаккури, маънавият ва маърифатга лиммо-лим қалби камол топади. «Кимки ёмонлар била бўлди, ёмон бўлдило»,-дейди Ҳазрат Навоий «Бадоеъ ул-васат»да. Демакки, ниятимиз эзгулик, тилагимиз комиллик экан нафақат ўзимиз, яқинларимиз, балки бутун жамиятга-да эътиборли бўлмоғимиз керак. Унинг равнақ топаётган иқтисодий-сиёсий ҳаётига қўшаётган ҳиссамиз баробарида маънан юксалишидаю қалбан уйғонишида ҳам ташаббускор ва мукаммал одимларимиз билан тўла иштирок этмоғимиз лозим. Ота-онанинг бурчи фақатгина боланинг устини бут, қорнини тўқ қилишдан иборат эмас, унинг асл ота-оналик бурчи бола маърифатини бут, маънавият бирла қалбу онгини тўқ қилишдан иборатдир. «Болани ҳар томонлама вояга етказиш, камол топтириш учун унга ғамхўрлик кўрсатиш, меҳр-муҳаббат ва эътибор билан парваришлаш лозим. Унинг ҳали пишиб етилмаган ва мўрт сезги органлари ўз ёшига ва ўз хусусиятларига қараб ривожланиши керак»,- дейди Буянов. Бу фикрдан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, боланинг ғўр онгига кўрсатилган таъсир умрбод ўз оқибатлари билан ҳамроҳи бўлади. Шунинг учун ҳам бола атрофдаги ҳар бир воқеа-ҳодисадан яхши таассурот ва эзгу фикр олсин, бунда эса ота-онанинг юксак маънавиятли бўлиши сув ва ҳаводай зарур. Бола кўриб ўтирган мултфильмдаги қаҳрамонларнинг қанчалик кулгули бўлмасин бир-бирларини қийнаши, урушиши ва ҳоказо ҳолатларни бола «шундай қилиш керак эканда!», деб қабул қилмаслиги ва айнан яқинлари кўмагида кенг муҳокама қилиб, яхши-ёмон томонларини кўра билиши керак. Бола ўзини бола эканини ҳеч қачон тан олмайди, у доим ўзини катталардек тутишга интилади, шуни ҳисобга олган ҳолда «катта» боланинг фикрлари муҳим эканлигини болага сингдира олсак, у биз билан эркин мулоқот қила олади. Бу эса унинг қарашлари билан доимо умр давомида сиз ҳам бохабар бўлишингиз мумкинлиги белгиси. Айрим назарияларга кўра психологияда одамзодга шундай таъриф берилади:

«Одам. Сутэмизувчилар синфига даҳлдорлик, биологик жонзот эканлиги одамнинг ўзига хос хусусиятидир. Ижтимоий жонзот сифатида одам онг билан қуролланганлиги туфайли борлиқни онгли акс эттириш қобилиятидан ташқари ўз қизиқиши ва эҳтиёжларига мутаносиб уни ўзгартириш имкониятига эгадир». Бу назария эҳтимол ҳақдир, эҳтимол инсон ҳар нарсани ўз қизиқиши ва эҳтиёжларига мослаган ҳолда ўзгартиришга қодирдир, бироқ боланинг нотўғри шаклланган онгини, қарашларини йиллар ўтиб ўзгартириш анчагина қийин кечади, маънавий бўшлиги ҳар қандай кераксиз ғоялар билан тўлган инсоннинг умрини тўғри йўналтириш эса игна билан қудуқ қазишга тенг. Ё сувга етасиз ва ё сабрингиз битади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, боланинг эртанги ҳаётида, маънавий-маърифий тарбиясида оиланинг ўрнини англашдан олдин оилада боланинг ўрнига ойдинлик киритиб олиш керак. У овунчоқ, кийинтириб кўз-кўз қиладиган қўғирчоқ эмас, тарихий анъаналаримизга мувофиқ қадриятларимизни давом эттирувчи эртамиз эгасидир. Оила-маънавий-маърифий тарбия маскани экан, унинг ҳар бир аъзоси оила анъаналарига содиқ, маънавиятли ва маърифатли бўлишлари лозим. Эртанги фаровон ҳаётимиз бугунги эътиборимизга боғлиқ.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎